Чорвачилик мажмуасининг қуввати қайта тикланмоқда

    

     Бу йил Қоровулбозор туманида "Бухоро Агро Cluster" МЧЖнинг  бўлинмалари йирик чорвачилик комплексини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича жадал суръатларда ишлар олиб бормоқда.

     Тўловини қоплаш муддати 5 йил бўлган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади.

     Бугунги кунга келиб бу ерда 500 бош қорамол учун янги молхона ва соғиш зали қуриб битирилди, мажмуанинг мавжуд бино ва коммуникацияларини реконструкция қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда технологик жараённи автоматлаштириш учун ускуналар ўрнатиш бўйича Туркиянинг «ILBAY INSAAT ENERJI SANAYI VE TICARET Ltd. STI.» компанияси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳани амалга ошириш ишлари доирасида ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига ёрдам берадиган энг замонавий озиқлантириш, суғориш, соғиш, иқлим назорати ва бошқа тизимлар ҳам ўрнатилади.

     Жорий йил бошидан буён чорва комплексига Германия Федератив Республикасидан 517 бош Голштейн зотли ва Россия Федерацияси ва Қорақалпоғистон Республикасидан 1600 бош жайдари қорамоллари олиб келиниб, парваришланмоқда.

 

 

     Чорва комплексининг мустаҳкам озуқа базасини яратиш учун 400 гектар майдонда ем-хашак экинлари етиштирилиб, уларда ҳозиргача 6500 тоннадан ортиқ силос  ва сенаж ғамлаб қўйилди.

     Натижада 12 гектар майдонда жойлашган мазкур чорва комплексида 1000 бош сут йўналишидаги чорва моллари ва 2000 бош гўшт олишга мўлжалланган қорамоллар парваришланади. Уларни боқиш учун 70 нафаргача ходим ишлайди. Комплексдаги кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 30 минг литр сут ва 5000 кг гўштни ташкил этади.  

 

                                                                                                                                                                                                                                                                         Матбуот маркази.

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари