Вобкент: “Garden Bukhara Agrocluster” да тут ва узум–ток кўчатлари парваришига бағишланган семинар ўтказилди

 

Шу кунларда вилоятнинг шаҳар ва туманлардаги барча фермер хўжаликлари дала четларида умумий миқдори 5,5 миллион тупдан ортиқ тут ва сара навли узум–ток кўчатларини ўтқазиш ва парваришини талаб даражасида олиб бориш ишлари жадал бормоқда. Бугунга келиб вилоят туманлари ичида Вобкент йириклиги жиҳатидан 1 минг 218 гектар боғ-токзори билан учинчи ўринда турибди. Айни кунда ҳудудда мавжуд токзор майдони олтмишга яқин фермер хўжалиги тасарруфида 277 гектарни, аҳоли томорқаларидаги токзор––узумзор майдони эса 590 гектарни ташкил этмоқда.   

 

Бундан ташқари, сўнгги уч-тўрт йилда ҳудуддаги “Garden Bukhara Agrocluster” МЧЖ ва бошқа хўжаликларда яна 208 гектар интенсив боғ барпо қилиниб, олма, ўрик, шунингдек, сара навли узумзор майдони кенгайтирилмоқда. Кенгайтирилаётган токзор ҳисобидан ҳосилдорлик ҳам йил сайин ошмоқда. Бошқача айтсак, ҳудудда ихтисослашган фермер хўжаликларида етиштирилаётган сара узум ҳосили жорий мавсумда 3 минг тоннадан оширилгани ҳам элмимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Аҳоли хонадонларидаги ҳосил билан қўшганда эса бу хирмон янада мўл салмоғига эга.

 

 

Туманда уюшқоқлик билан давом эттирилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида узумзор боғларни кенгайтиришга қарор қилинган. Шу мақсадда ўтган йил якунида Самарқанд вилоятидан 22 минг 300 дона "қора кишмиш" навли ток кўчати келтирилиб хўжаликларда ўтқазилган. Айни пайтда бу кўчатлар тоифаланган фермер хўжаликларида парваришланмоқда. Жумладан, “Хайрхуш” ҳудудидаги “Дилшод Бобоев” фермер хўжалиги токзорини 44 гектарга кенгайтирган бўлса, “Поноб” ҳудудида деҳқончилик қилиб келаётган Беҳруз Намозов раҳбарлигидаги “Эксклюзив Агро Экспорт” МЧЖ тасарруфидаги токзор майдони 45 гектарга етказилган. Ўттиздан ошиқ оиланинг моддий манфаатдорлиги таъминланаётган бу хўжаликларда асосан қора кишмиши, тойфи, ҳусайни каби серҳосил нав узум етиштирилмоқда.

Қолаверса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманда ҳам боғ-токзорларни кенгайтириш, дала атрофларига мевали ва манзарали кўчатларни ўтқазиш ҳаракати кенг қулоч ёймоқда. Бу борада “Роҳкент” ҳудудида тажрибали боғбон Суннат Неъматов бошқарувидаги “Суннат Неъматов боғи” фермер хўжалигида ҳам ибратли тажриба ўзлаштирилмоқда. 2006 йилдан ўз фаолиятини бошлаган субъект тасарруфида айни кунда 12,6 гектар мевазор боғ бўлиб, шу йилги деҳқончилик мавсумида мавжуд 4 гектарли гилосзордан жами 30 тоннага етказиб сара мева, яна ўрикзор ва олмазордан 110 тоннага етказиб баракали ҳосил олинган. Ўтган йил кеч кузда бу хўжаликда алоҳида ер майдони тайёрланиб, 250 туп тут, Самарқанд гилоси етиштирилаётган боғ қатор орасига қўшимча 170 туп гилос кўчати ўтқазилган. Дала атрофларини кўкаламзорлаштириш мақсадида 300 туп терак қаламчаси ҳам ўтқазилиб, парваришланмоқда.

Бу борада куни кеча “Қўнғирот” ҳудудидаги “Garden Bukhara Agrocluster” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган амалий–ўқув семинари ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Вилоят ҳамда туман мутасаддилари, қишлоқ хўжалигига алоқадор ташкилотлар, шунингдек, фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган кўргазмали ўқув-амалий семинарида агромажмуа мутахассислари томонидан мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, ток новдаларини ўтқазиш ва парваришлашга доир маҳорат дарси намойиш қилинди. 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Унда  вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов ва туман ҳокими Фарҳод Умаровлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудда  амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирларга тўхталдилар. Масъуллар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари зиммасига жойларда, аҳоли хонадонларида парваришланаётган мева кўчатларини тартибга келтириш, ҳар бир кўчани кўкаламзорлаштиришга эътибор қаратиш, қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, дарахтларни совуқдан асраш, томорқа ерида агротехник тадбирларни кечиктирмасликка доир талаблар қўйилди. 

 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

 

 

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари