Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шухрат Мадаминович Ғаниев аграр соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қоровулбозор туманига ташрифи чоғида “Бухоро аргокластер чорва” МЧЖда бўлиб, мазкур мажмуада олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ташриф чоғида унга Қоровулбозор тумани хокими ва “Бухоро Агрокластер” МЧЖ Бош директори Азамат Султановлар ҳамроҳлик қилдилар.
Ушбу чорвачилик комплексида Германия ва Россиядан олиб келинган 2500 дан ортиқ наслли қорамоллар парвариш қилинмоқда. Яқинда бу ерда Туркияда ишлаб чиқарилган озиқлантириш, суғориш ва сут соғиш каби замонавий ускуналар ўрнатилди. Жумладан, сут соғиш блокида бир вақтнинг ўзида 60 та сигирни автоматик соғиш ускуналари ўрнатилиб, ишга туширилди
.
Соғилган сутни сақлаб совутиш учун 2 та 10 тонналик(танк) ва 1 та 1 тонналик мосламалар ўрнатилди. Шунингдек, чорва комплексида гўнгдан биогаз ишлаб чиқарадиган ускуналар мажмуаси қурилиши якунланмоқда.
Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев чорва комплексидаги ташрифи давомида чорва молларининг парваришланиши, уларга кўрсатилаётган хизматлар ва улар учун озуқа базаси яратилиши ҳолати билан танишиб, бу ерда ишлаётган мутахассислар билан суҳбатлашди ҳамда масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Ахборот хизмати.