Вилоятлар делегациялари «Бухоро Агрокластер» МЧЖ объектларида

     Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиялари асосида ҳудудлараро тажриба алмашиш топшириғига биноан жорий йилнинг 19 август кунида Тошкент ва Андижон вилоятлари ҳокимлари бошчилигидаги делегация Бухорога келишди. Ташриф доирасида меҳмонлар “Бухоро Агрокластер” МЧЖнинг “Бухоро Агрокластер ДЗЗ” корхонасида ва тупроқ таҳлили лабораториясида бўлишиб, бу ерлардаги иш жараёнлари билан яқиндан танишишдилар

     “Бухоро Агрокластер ДЗЗ” корхонасида сутни қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. 6,2 миллион доллар инвестиция эвазига қаровсиз майдонда замонавий мажмуа барпо этилиб, Италия ва Россиядан ускуналар келтириб ўрнатилган. 2021 йилда очилган корхонада бугунги кунда йилига 22 минг тонна сут қайта ишланмоқда. Ундан тайёрланаётган кефир, сут, пишлоқ, йогурт, қаймоқ, сметана каби маҳсулотларнинг тури қирқтадан ортиқ. 150 нафар аҳоли иш билан таъминланган.

     Иш кўлами ва даромаднинг ортиши кластер фаолиятининг кенгайишига хизмат қилди. Мажмуа ҳудудида янги иншоотлар қурилди. Хусусан, корхона тизимида ер майдонлари унумдорлигини аниқлаб берувчи замонавий лаборатория ишга туширилди. У Германиянинг замонавий технологиялари билан жиҳозланган, тупроқ таркибидаги қирқдан ортиқ, сув таркибидаги ўнга яқин кўрсаткичларни аниқлаш имконига эга.

     Бухоро вилояти экин майдонларининг шўрланганлик даражаси бошқа ҳудудларга нисбатан юқори. Ҳосилдорликка эришиш учун тупроқ таҳлили ниҳоятда зарур. Бу лабораторияда тупроқнинг кимёвий таркиби ўрганилиб, шу орқали ўсимликларнинг минерал ва органик ўғитларга бўлган талаби аниқланади. Тупроқ хоссалари, шўрланиш даражаси ҳам чуқур ўрганилади. Унинг натижалари асосида ерни меъёрлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

     Бу ерда шакллантирилган маълумотлар корхонанинг яна бир лойиҳаси – “Agro Smart Map Uz” платформасига юклаб борилади. Шу маълумотлар асосида ер эгалари керакли агротехнологик тавсиялар олади.

     Қатнашчилар лабораториядаги шароитларни ҳам кўздан кечиришди. Уларга  корхона ва лабораториянинг ишлаш тизими, афзалликлари, шунингдек, “Бухоро Агрокластер” МЧЖнинг навбатдаги лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари