Бухорода “Bukhara Gold Granit” масъулияти чекланган жамияти иш фаолиятини бошлади

 

     Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Бухорода қурилиш материаллари саноати вилоятнинг драйверларидан бирига айланиб улгурди. Соҳани янада ривожлантириш, ҳудудларда қурилиш индустриясини ривожлантиришда норуда минералларнинг хом ашё базасини ўзлаштириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.

     Когон туманининг “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Bukhara Gold Granit” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган гранит плиталарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ана шундай ташаббуслардан. Янаям аниқроғи, корхонада қурилишда фойдаланиладиган гранит маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Тайёрланаётган гранитларнинг хомашёси Пешку тумани Жонгелди массивидаги конлардан олиб келинмоқда.

 

 

     Лойиҳанинг умумий қиймати 3 млн АҚШ доллари бўлиб, унинг 1,5 млн АҚШ доллари ташаббускорнинг ўз маблағи, 1,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги сармоя эса “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки Бухоро минтақавий филиали молиявий қувватловидир. Корхонада 60 та иш ўрни яратилди. Уларнинг кўпчилиги ёшлардир.

 

 

     — Гранитларга ишлов бераётган махсус техникалар замонавий бўлиб, улар Туркиядан олиб келинган, – дейди корхона таъсисчиси Нодир Қиличев. — Ишчи-ходимлар туркиялик мутахассислардан касб сирларини ўрганишмоқда. Ишлаб чиқараётган гранит маҳсулотларимизнинг умумий ҳажми 120 минг квадрат метрга етади. Шунингдек, 26 млрд сўмлик акрил ип-калава маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

     Замонавий хориж дастгоҳлари ёрдамида ишлаб чиқарилаётган тайёр материаллар, аввало, вилоятимизда барпо этилаётган қурилиш иншоотларига етказиб берилади. Маҳаллий эҳтиёждан ортиқ қисми хорижга экспорт қилинади.

 

 

     Корхона очилишига бағишланган маросимда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, корхона ишчи-хизматчилари, ёшлар иштирок этди.

 

 

     Тадбирда сўз олган вилоят раҳбари мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар Бухорода ҳам норуда фойдали қазилмалар хом ашёларини кластер усулида қайта ишлаш имконини бераётганини, натижада гранит мармар конларини ўзлаштириш, замонавий пардозбоп қоплама тошлар ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, қурилиш маҳсулотларида маҳаллийлаштириш даражаси ошаётгани алоҳида таъкидлади.

 

 

     Эътироф этиш жоизки, маҳсулотларининг аксарият қисми экспортга йўналтирилиши мўлжалланган ушбу корхонада ҳозирнинг ўзида 60 нафар юртдошларимиз бандлиги таъминланганлиги, келгусида ушбу рақам миқдори янада ошиши корхонанинг нафақат қурилиш хомашёси индустриясини ривожлантириш, балки аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳам салмоқли эканлигидан далолат беради.

 

 

     Йиғилганлар корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан танишдилар.

                                                                                                                                                       Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари