Жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Самарқандда AGROPRO EXPO 2023 қишлоқ хўжалиги кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ушбу кўргазмада Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар Махкамаси раисининг ҳамда вилоятлар хокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг вилоят бўлимлари ва қишлоқ хўжалиги бошқармалари бошлиқлари, Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши раислари, ирригация тизимлари хавза бошқармалари бошлиқлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи илғор фермерлар, чорвачилик хўжаликларининг қайта ишловчи ҳамда экспортёр корхоналари, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчилар қатнашдилар. Мазкур тадбирда “Бухоро Агрокластер” МЧЖ Бош директорининг ўринбосари М. Рахматов бошчилигида бир қатор мутахассислар ҳам фаол иштирок этишди.
Кўргазмада қишлоқ хўжалик техникалари, агрегатлар ва қўшимчa қисмлар интенсив суғориш тизимлари, иссиқхона қурилмалари, чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик маҳсулотлари намуналари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари, минерал ўғитлар, витаминлар, мева ва манзарали дарахтлар, узум кўчатлари, ветеринария препаратлари, уруғчилик намуналари, қишлоқ хўжалик техникалари намойиш этилди.
Кўргазмада “Бухоро Агрокластер” МЧЖ корхоналарининг экспозициялари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур кўргазмада қишлоқ хўжалигининг долзарб масалалари юзасидан семинарлар ўтказилди. Кўргазма давомида ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи ва маҳсулот етиштирувчи корхоналарни интеграциялаштириш, соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича шартномалар ҳамда агрокластерлар ва фермер хўжаликлари учун манфаатли келишувлар тузилди.
Матбуот маркази