“Бухоро Aгрокластер” раҳбари Азамат Султоновдан Пешкулик тадбиркорлар учун маҳорат дарси

     Тизимида элликка яқин ишлаб чиқариш корхонасини ўзида жамлаган Buxoro Agroklaster МЧЖ раҳбари, мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 32 йиллиги арафасида Президент Фармонига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган Азамат Султонов роппа-роса ўн кун бурун Ўзбекистон Республикаси Президенти таълим муассасалари агентлиги Бухоро вилояти Пешку тумани ихтисослаштирилган мактабида ҳудуддаги ташаббускор ишбилармонлар вакиллари билан юзма-юз учрашган, улар билан самимий суҳбатда бўлиб, кўп тармоқли истиқболли бизнес лойиҳаларини амалга оширишдаги тажрибаси билан ўртоқлашганди. 

     Пешкулик тадбиркорлар талаб ва мурожаатларига мувофиқ, “Buxoro Agroklaster” МЧЖ раҳбари Азамат Султонов бугун туман ҳокимлиги мажлислар залида ишбилармонлар вакиллари билан учрашди. Самимий кечган мулоқотда кўп тармоқли агрокластер иш услуби, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш субъектларида эришилаётган натижалар, жамоалар моддий манфаатдорлигини таъминлашда амалга оширилаётган оқилона иш тутуми ўрганилгани баробарида, фаолиятида турли қийинчилик ёки тўсиқларга учраётган тадбиркорлар муаммоларига атрофлича ечим изланди.    

 

     Таъкидлаш жоизки, “Бухоро Агрокластер” МЧЖ ташкил этилганига атиги тўрт йил бўлганига қарамай, бугунга келиб ундаги иш самарадорлиги салмоқли кўриниш олаётгани, халқимиз дастурхонини тўкин, турмушини фаровон қилиш йўлида фаолият юритаётгани эътирофга лойиқ, албатта. Бинобарин, ҳозирда кўп тармоқли агрокластер тасарруфида чекка туманларда пахта тўқимачилик, йигирув ва трикотаж фабрикалари, ёғ-мой заводлари, савдо ва хизмат кўрсатиш, қолаверса, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган субъектлар мавжуд.

      Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган тадбиркор Азамат Султонов пешкулик тадбиркорлар даврасида фаолияти давомида бошидан кечирган қийинчилик ва машаққатлар, амалга оширган лойиҳалари аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Жумладан, “Бухоро Aгрокластер ДЗЗ” корхонасида сутни қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. Кўп йиллик тажрибадан келиб чиққан ҳолда вилоятда ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар бисёрлигининг яққол намунаси бу корхона. Яхши биламизки, қишлоқ хўжалигида ўзлаштирилмаган ёки сув етиб бормайдиган қаровсиз ерлар оз эмас. Аммо уларни ҳақиқий даромад манбаига айлантириш учун озмунча меҳнат тақозо қилинмайди. Шу мақсадда бор куч ва механизмларни жалб этиб, қаровсиз майдонни ўзлаштириб, унда замонавий мажмуа барпо этилгани, 2021 йилда очилган корхонада бугунга келиб йилига 22 минг тонна сут қайта ишланаётгани, 150 нафарга яқин ишчи-мутахассис меҳнат қилаётгани бу борадаги имконият ва салоҳиятдан далолат, албатта.

 

 

     Бу корхонада тайёрланаётган кефир, сут, пишлоқ, йогурт, қаймоқ, сметана каби маҳсулотлар тури 40 дан ортиқ ва бу ҳаммаси 150 кишилик меҳнат жамоасининг барқарор хизматлари туфайлидир. Фаолияти кенгайтирилаётган, моддий манфаатдорлик оширилаётган субъектлардан яна бири “Бухоро Агрокластер-Чорва” МЧЖ дир. Унда чорва комплекси, наслдор қорамоллар парвариши ривожлантирилгани баробарида интенсив гидропоника усулида озуқа маҳсулотлари етиштириш ҳам йўлга қўйилган, 1 килограмм буғдойдан 7 килограмм “яшил озуқа” етиштириш имконияти ўзлаштирилаётгани нафақат вилоят, балки республикамизда қиёси йўқ тажрибадир. Бу иш услуби аввало чорвачилик комплексида наслдор қорамоллар парваришини тўғри йўлга қўйиш, иқтисодий тежамкорлик асосида фаолият юритиш баробарида гўшт ва сут маҳсулотлари етиштиришни барқарор изга солишда қулай имконият яратмоқда.Бу эса пировардида сарф-харажатларни уч баробарга камайишига хизмат қилади.

 

 

     Туман тадбиркорлари билан мулоқотда агрокластер раҳбари Азамат Султонов бугунги давр ишбилармон табақа вакиллари зиммасида турган муҳим вазифалар, давлатимиз раҳбари томонидан бизнес вакилларига яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар, юртдошларимиз моддий манфаатдорлигини таъминлаш йўлида рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ҳар бир тадбиркор бугун халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида бор куч ва имкониятини ишга солиши кераклигини эътироф этди.

 

 

     Йирик агрокластер раҳбари билан учрашувда маҳаллий тадбиркорлардан “Мирзобобур далалари” фермер хўжалиги раҳбари Мирзоҳид Асроров ўз мурожаатига ечим топганидан мамнун.

 

 

     — Кўп йилдирки, Пешку ҳудудида, 32 гектар ер майдонида пахта ва ғалла етиштирамиз, яна 2,5 гектарда боғ-чорбоғ барпо қилганмиз, – дейди фермер Мирзоҳид Асроров. — Аммо кейинги йилларда сув тақчиллиги яққол сезилаётгани боис агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш мақсадида собиқ “Маданият” машина-трактор пункти ёнидан дренаж қудуғини ўрнатишга қарор қилдик. Бунинг учун “Халқ банки” туман филиалидан 32 миллион сўм кредит маблағини олиб, 200 миллиметрли қувур тушириб, қудуқни бурғуладик, зарур ускуна ва жиҳозларни олдик. Эндиликда насос, қувур ва бошқа ускуналарни харид қилишга қўлимиз калталик қилмоқда. Агрокластер раҳбари билан мулоқотда бизнинг хўжалик ҳисоб рақамига 30 миллион сўм маблағ кўчириб бериладиган бўлди. Бу қўллаб-қувватлов ҳадемай хўжалигимизда ҳосил салмоғи ортишига хизмат қилади.

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари