Янги мавсумга сифатли уруғлик тайёрлаш бошланди

 

     “Бухоро Агрокластер” МЧЖнинг Ғиждувон туманидаги “Бухоро пахта уруғчилиги” корхонаси 2005 йилдан буён Бухоро вилояти пахтакорлари учун сифатли тукли ва туксизлантирилган уруғлик  чигит тайёрлаш ишларини олиб боради. Дастлабки йилларда бу корхона суткасига кўпи билан 28 тоннагача туксизлантирилган ва 50 тоннагача тукли уруғлик чигит тайёрлаш қувватига эга бўлган эди.

 

 

     Ўтган йиллар давомида ишлаб чиқарилаётган туксизлантирилган уруғлик чигит ҳажмини ошириш ҳамда сифатини яхшилаш мақсадида корхонанинг ишлаб чиқариш тизими бир неча марта реконструкция қилиниб, унга янги инновацион ускуналар жорий қилинди. Жумладан, 2005-2007 йилларда ишлаган 6 та 4 СОМ-М чигит туксизлантириш машиналари ўрнига 2007-2008 йиллар мавсумида иш унумдорлиги 2 баробар кўпроқ бўлган 3 та УЧДМ  машиналари ўрнатилди. 2010 йилда цехга қўшимча яна 1 дона УЧДМ машинаси ўрнатилиб, унинг максимал  иш унумдорлиги суткасига 38 тоннага етказилди.

     Кейинги йилларда цехга қўшимча яна 1 дона УЧДМ машинаси ўрнатилиб, чигит туксизлантириш машиналарининг умумий сони 5 тага, максимал иш унумдорлиги эса суткасига 48 тоннага етказилди.

     2010 йилда технологик линияга иккинчи “Петкус К-531” калибрлагичининг ўрнатилиши суткасига 48 тонна уруғликни саралаш имконини берди.

     Охирги йилларда уруғлик чигитларга кимёвий ишлов беришда, жумладан, Россиянинг Шёлково комбинатида ишлаб чиқарилган “Скарлет”, “Калий гумат” каби самарали  препаратлардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу препаратларнинг таъсирчанлик муддатлари кўпроқ бўлиши ҳамда ўсимликни унувчанлиги ва ривожланишига ижобий таъсир қилиши билан  мавсумларда анъанавий воситаларга кўра яхшироқ самара бермоқда.

     2020-2021 йиллар мавсумига тайёрланиш жараёнида 2 дона эскирган “Петкус К-531” калибрлагичларининг ўрнига иш унумдорлиги 4 тонна бўлган 1 та “Юбус L-JS-8” машинаси ўрнатилиб, корхонанинг туксизлантирилган чигитни саралаш қуввати суткасига 96 тоннага етказилди.

 

  

 

     2021 йил мавсумига цехдаги УЧДМ машиналарининг умумий сони 6 тагача кўпайтирилиб, максимал чигит туксизлантириш  қуввати   суткасига 64 тоннага етказилди.  Натижада корхонанинг уруғлик тайёрлаш қуввати йилига 6 минг тоннага етказилди.

 

 

     Бугунги кунда ушбу корхонада 2022 йил ҳосили учун уруғлик чигит таёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Бу йилги мавсумда корхона жамоаси иш жараёнида “Бухоро Агрокластер” МЧЖнинг фермер хўжаликлари эҳтиёжлари учун 2480 тонна сифатли туксизлантирилган ва 380 тонна тукли уруғлик чигит тайёрлаб, етказиб беришни ҳам амалга оширади. 

 

                                                                                                                                                                                                                                                                           Матбуот хизмати

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари