Ботир Зарипов Қоровулбозор туманидаги “Бухоро Агрокластер заминлари” ва “Бухоро Агрокластер чорва” МЧЖ фаолиятини ўрганди

Ботир Зарипов Қоровулбозор туманидаги “Бухоро Агрокластер заминлари” ва “Бухоро Агрокластер чорва” МЧЖ фаолиятини ўрганди

Дала-деҳқончилик ишларида тиғиз мавсум бошланган, миришкорлар ўтаётган ҳар бир кундан унумли фойдаланиб, омилкорлик билан иш тутсаларгина кўзланган мақсадга эришиш, пахта ва ғаллачиликда баракали хирмон кўтариш мумкин. Ҳар йилги анъанага мувофиқ чўлқуварлар кенгликларида сара буғдой ҳосили бошқа туманлардагига нисбатан эртароқ пишиб етилади ва ҳар бир фермер хўжалигида пешона тери эвазига етиштирилган ғаллани сифатли ўриб-йиғиб, саранжомлаш ишларига бирмунча эрта киришилади. Бу жараён пухта тайёргарликни тақозо этади, албатта. Жорий йилда ҳам ҳудудда юзга яқин фермер хўжалиги бевосита пахтачилик тармоғида банд бўлса, ҳудуддаги экин ерларини томчилатиб суғориш технологиясини кенг қўллашга, бу лойиҳаларни алоҳида молиялаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.  

Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокими Ботир Зарипов секторлар раҳбарлари, агросаноат мажмуига тегишли корхона-ташкилотлар мутасаддилари ҳамроҳлигида Қоровулбозор туманида пахтачилик ва ғаллачиликнинг бориши, агротехник тадбирларни амалга оширишда илғор тажрибани ўзлаштириш, шунингдек, чорвачилик тармоғини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларни ўрганди.

Дастлабки манзил туманнинг “Бўстон” МФЙ Ноғоратепа қишлоғида жойлашган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Бухоро Агрокластер заминлари” корхонаси бўлди. Айни пайтда Вобкент туманидаги “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилари уюшмаси таркибига кирган мазкур кенг тармоқли хўжаликда 693 гектар ерда пахта ва 618 гектар майдонда ғалла етиштириб келинади. Мураккаб иқлим шароитида ҳар бир гектардан баракали ҳосил олиш, кейинги йилларда кўп кузатилаётган сув танқислиги муаммосига барҳам бериш мақсадида томчилатиб суғоришни йўлга қўйишга эътибор кучайтирилган.

––Хўжалигимизда шу март ойидан алоҳида сув ҳавзаси қазиб тайёрлашни бошлаганмиз,––дейди “Бухоро Агрокластер заминлари” МЧЖ раиси Ихтиёр Тўхтаев.––Мавжуд 683 гектар пахта майдони учун 6 та нуқтада шундай ҳавза, ўлчами 13 метрга 40 метрли гидроиншоотни тайёрлаб, уларга зарур инфратузилма, яъни электр энергияси таъминоти учун трансформатор, симёғочлар ўрнатилиб, линия ва йўл тортилди. Ҳар бир ҳовуз сиғими 7 минг куб метрга тенг бўлиб, бу орқали 70 гектардан ортиқ пахта ерини “оби ҳаёт”га қондириш мумкин. Ҳозирда бу бўйича амалий ишга ўтиб, бир неча марта культивация ишловидан ўтаётган даланинг 130 гектарини томчилатиб суғордик. Бунда кенг майдон эмас, ғўза экини суғорилаётгани, сув, ишчи кучи, ёқилғи ва бошқа манбаларда иқтисодга эришилаётгани, қолаверса, суғориш тўлиқ автоматлаштирилгани биз учун ҳам жуда маъқул услуб. Натижада эса кузга бориб жамоамиз билан “Бухоро-8” навидан давлат шартнома режасига мувофиқ 1 минг 800 тоннадан ошириб “оқ олтин” етиштиришга кўзимиз етмоқда.

Талаб даражасида тайёрланаётган сув ҳавзалари ва уларни муҳандислик инфратузилмаси билан таъминлаш борасида қилинаётган ишларни кўздан кечирган вилоят ҳокими жамият мутасаддиларига ишларни тезлаштириш, ҳар бир агротехник тадбирни сифатли олиб боришга доир тавсия ва топшириқларини берди.

“Бухоро Агрокластер заминлари” МЧЖ тасарруфидаги 618 гектар ғалла майдонидан бу йил Вобкент туманига қарашли “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилари уюшмаси хирмонига давлат шартнома режасига мувофиқ 1 минг 530 тонна сара дон етказиб бериш мажбурияти юкланган. Сидқидилдан қилинган меҳнат самараси ўлароқ, ҳадемай “ғалвирни сувдан кўтариш” фурсати етганида, жамоа аъзолари бу гектарлардан умумий 3 минг 100 тоннага етказиб хирмон кўтариш ҳаракатидалар. Негаки, давлатга сотиладиган ҳосилдан ташқари, хўжалик ихтиёрида ишчи-меҳнаткашларга натура шаклида тарқатиладиган ҳосил чўғи ҳам анча салмоқли бўлиши кутилмоқда. Вилоят мутасаддиларининг буғдой даласини кўздан кечириш асносида деҳқон-ғаллакорлар меҳнатига қониқарли баҳо берганликлари ҳам бу фикримизга далил. Бу ўринда қўлга киритиладиган даромад чўғи ҳам қилинган меҳнатга яраша бўлади, албатта.

Яқин йилгача Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфида фаолият юритган чорвачилик комплексида ишлар юришмай қолгач, қорамолчилик мажмуаси туман ҳокимлиги балансига ўтказилиб, майдони 12 гектарни ташкил қилган ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш бўйича алоҳида лойиҳа ишлаб чиқилган.

––Мазкур лойиҳага биноан “Бўзачи” МФЙ даги молхона комплексини қуриш мақсадига қиймати 6 миллиард 500 миллион сўм, биноларни жиҳозлаш, ҳаво шахталарини ўрнатиш, соғин сигирлардан автоматлаштирилган тартибда замонавий ускуналарда сут соғиб олиш каби инвентарларга яна 15 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган,––дейди МЧЖ мақомидаги “Бухоро Агрокластер чорва” мажмуаси раҳбари Фармон Давронов.––Ҳозирда 366 минг АҚШ доллари миқдоридаги сармояни хориждаги таъминотчи ҳамкорлар ҳисоб рақамига тушириб, улардан Австрия давлатининг “Golshteyn” зотли сут етиштириш йўналишидага қорамолларидан 512 бошини харид қилишга эришилди. Яқин бир ойда қурилиш мажмуасидаги чала ишларни якунлаб, технологияларни тўлиқ жиҳозлаб иш бошласак, кўпайтиришга ажратиладиган қорамоллардан ташқари, ўртача 260 бош соғин сигирнинг ҳар биридан кунига 25 литргача, жами 6,5 минг литр сут етиштириш имконияти вужудга келади.

Иш ҳажми, лойиҳа салмоғига қараб “Бухоро Агрокластер чорва” МЧЖ тасарруфига туманда 400 гектар экин ери ажратиб берилган бўлиб, бу ерда чорва моллари учун маккажўхори, ўт беда, яна тариқ, арпа ва бошқа такрорий экинлар етиштирилмоқда. Хўжалик тўлиқ ишга туширилиши билан 50 нафардан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш имконияти яратилади. Айни кунда чорва комплекси масъуллари сут етиштириш билан бирга Қорақалпоғистон республикасидан маҳаллий “Қизилчўл” зотига мансуб икки ёшарли 80 бош ҳўкизни харид қилишган. Бу режа бўрдоқичиликни ривожлантириш, ҳудудда сифатли гўштга бўлган талаб ва эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

Вилоят ҳокими чорвачилик мажмуасида ташкил қилинган ишлар билан танишар экан, туман ҳокими ва мутасаддиларга молиявий таъминот масаласини тўла-тўкис ҳал қилиш, қурилиш ишларини якунлаш, ускуналарни ўрнатиш ва озуқа заҳирасини яратиш каби талабларини қўйди.

Шу куни мутасаддилар тумандаги ғалла майдонларини кўздан кечириб, ўрим-йиғим жараёни билан боғлиқ ташкилий тадбирларни муҳокама қилишди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари