Қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича йиғилишда Президент топшириғи

Президент имтиёзли кредитларни тўғридан-тўғри ғалла етиштирувчиларга бериш, ўғитлар таннархини 15 фоизга камайтириш бўйича топшириқ берди

2024 йилда ғаллачиликда ҳам пахтачиликдаги каби имтиёзли кредитларни тўғридан-тўғри фермерларга ажратиш тизими жорий этилади, деди президент. Шунингдек, у хориждан пахта уруғини олиб келиш, ўғит таннархини 15 фоизга арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

  

Ғаллачиликда имтиёзли кредитлар

Жорий йилда Ўзбекистонда пахтачиликда бўлгани каби, ғалла етиштиришда ҳам имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати ҳам тўлиқ бюджетдан қопланади, дейилади хабарда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бунга қадар фермерларга кластерлар орқали кредитлар ажратилгани ғаллакорлар учун маҳсулот таннархининг ошишига олиб келган.

«Янгича ишлаш зарур»

2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 4,1 фоизга ўсиб, 426 триллион сўмни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 2 миллиард долларга етди. Жами 3,7 миллион тонна пахта, 8 миллион тонна ғалла олинди.

Президент ер-сув ресурслари чекланган шароитда янгича ишлаб, маҳсулотни кўпайтириш, соҳага саноат муҳитини олиб кириш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистонда бир гектар майдондан олинадиган ўртача ҳосил илғор мамлакатлардагига қараганда кам, лекин ўғит ҳам, ёқилғи ҳам, сув ҳам 2 карра кўп ишлатилади, деди у.

Шавкат Мирзиёев хориждан серунум чигит ва уруғлар олиб келиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, ҳосилдорликни пахтада 50 центнер, ғаллада 100 центнерга етказиш мумкинлигини айтди.

Чет эл пахта уруғи

Бу йил илк бор чет эл пахта уруғини экишга рухсат берилди, лекин, деди президент, Пахтачилик кенгаши, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги агентлиги, вилоят ҳокимлари қайси уруғларни қаердан импорт қилиш, уларни қаерга экиш борасида ҳали якуний қарорга келмаган.

Шавкат Мирзиёев бир ой муддатда хориждан 3 минг тонна уруғ олиб келиш вазифасини топширди. Жорий йилда 100 минг гектар майдонга ғўзанинг серҳосил хориж навларини экиш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари фермерлар манфаатдорлигини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда пахта хомашёси биржа орқали сотилмоқда. Нью-Йорк фонд биржасида пахта нархи ошиб бормоқда. Ғаллачиликда бозор муносабатлари йўлга қўйилгани туфайли деҳқонлар даромади икки баробар ошди, деди у.

«Агар деҳқон ва фермерни иқтисодий манфаатдор қилсак, улар давлат маблағисиз ҳам ишлай оладиган вақтлар келади. Менинг мақсадим шу», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўғитлар нархини пасайтириш

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини 900 минг тонна минерал ўғит билан таъминлаш, уларнинг таннархини 15 фоизга камайтириш вазифасини ҳам қўйди. Бунга эришиш учун биржада суткалик етказиб бериш ҳажмини 6 минг тоннадан 900 минг тоннага ошириш, қўшимча 70 та туманда ўғит омборларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, минерал ўғитларнинг сифати ва устамаси назоратга олинади. Фермерлар учун имтиёзли молиявий механизмлар (масалан, банк ва суғурта кафолати асосида бўлиб-бўлиб тўлаш, кредитлар бўйича фоизларни пасайтириш) орқали ўғитларни ўз маблағлари ҳисобидан харид қилишлари учун шароитлар яратилади.

Жойлардаги омборлардан минерал ўғитни ташиш учун транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади.

ГАЗЕТА.УЗ

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари