Бухорода 2024 йил ҳосили учун сифатли уруғлик чигит тайёрланмоқда

           Бухоро тупроқ-иқлими шароитида ер намини сақлаш ўта муҳим, ҳосил тақдирини ҳал қилувчи аҳамияга эга агротехник тадбир ҳисобланади. Чунки ерларнинг шўрланиш даражаси юқорилиги, мелиоратив ҳолатининг барқарор эмаслиги, ноқулай об-ҳаво шароити маҳаллий деҳқон–фермерлар учун пахта ҳосилини етиштириш, парваришлаш ва йиғиб олишда етарлича  қийинчиликларни туғдириши сир эмас.

            Кўп йиллик тажрибадан келиб чиққан ҳолда бухоролик пахтакор деҳқонлар бултурги  мавсумда ҳам вилоятда эртапишар “Бухоро-102”, “Бухоро-10” (“Сардор”), “Порлоқ” ва ўртапишар “Бухоро-6”, “Бухоро-8” каби маҳаллийлаштирилган ғўза навларини экиб, агротехник талаблар асосида ғўза парваришлаб, баракали ҳосил етиштирдилар. Навлар ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб жойлаштирилди. Ўтган йили вилоят пахтакорлари 96 минг 220 гектар майдонга чигит экиб, салмоқли “оқ олтин” хирмонини барпо этган бўлсалар, бу жараёнда ҳудуддаги 11 та пахта-тўқимачилик кластерлари билан саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштиришга доир шартномалар тузган жами 3 минг 38 та фермер хўжалигининг машаққатли меҳнати ва жонбозлиги бор, албатта.

Соҳада олиб борилаётган янгиланишлар туфайли бултур баҳор мавсумида “оқ олтин” етиштириладиган ялпи майдоннинг 20 минг 635 гектарида плёнка остида, 2 минг 141 гектарида қўшқатор орасида, 8 минг 750 гектарида 90 сантиметр, 305 гектарида 76 сантиметр ва асосий 64 минг 389 гектар қисмида 60 сантиметр оралиқда чигит экишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу жараён республика қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси масъуллари томонидан алоҳида назоратга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-хуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 641-сонли қарори 5-иловасига мувофиқ, “Уруғлик пахта хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, уруғлик чигит тайёрлаш ва сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМ билан тасдиқланган қарор ижросини таъминлаш мақсадида Инспекциянинг Бухоро вилоят бошқармаси ва туман бўлими қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини етиштирилишини назорат қилиш мутахассислари томонидан мониторинг тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда.

Вилоятда 2024 йил ҳосили учун сифатли уруғлик чигит тайёрлаш мақсадида жами 4144,5 тонна шундан, “Бухоро уруғчилиги” МЧЖ томонидан 1076,6 тонна, “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ томонидан 2934,3 тонна, “BCT Аgrokompleks cluster” МЧЖ томонидан 133,6 тонна уруғлик чигитларни дорилаш чора-тадбири кўрилмоқда.

Бу борада амалга оширилган ишларга келсак, бугунга келиб вилоят бўйича 1104 тонна ёки 21 фоиз тозалаш-саралаш ва 627 тонна ёки 16 фоиз туксизлантириш, дорилаш, қоплаш ишлари бажарилган. Жумладан, “Ромитех” МЧЖга қарашли “Бухоро уруғчилиги” МЧЖ томонидан 110 тонна ёки 14 фоиз тозалаш-саралаш ва 18 тонна ёки 3 фоиз, “Бухоро Агрокластер” МЧЖга қарашли “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ томонидан 994 тонна ёки 25 фоиз тозалаш-саралаш ва 610 тонна ёки 21 фоиз туксизлантириш, дорилаш, қоплаш ишлари ниҳояланган.

Уруғлик цехларида тайёрланган тозалаш-саралаш, туксизлантириш ва дориланган уруғлик чигитни унувчанлиги, механик шикастланганлиги, ифлослиги, туклилиги, намуна тарзида 1000 дона чигитнинг оғирлиги, чигитнинг ўлчами бўйича бир хиллилиги, намлиги бўйича ҳар 2 соатда таҳлиллар “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” ДМ вилоят филиали мутахассислари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Тажрибали деҳқон–мутахассисларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртароқ, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 10 сантиметр чуқурликда 13-14 градусга етганида чигит уруғини қадаш учун қулай муддат саналиб, уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди. Туксиз чигит туклига нисбатан 5-6 кун кечроқ экилади.

Шу нуқтаи назардан, вилоят секторлари, туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, соҳага масъул ташкилот ва корхоналар, шунингдек, илмий тадқиқотчи олим ва мутахассислар, пахта–тўқимачилик кластер корхоналари мутасаддилари, фермерлар ҳамкорлигида ҳудудда истиқболли навларни саралаш ва экиб етиштириш, пахта саноатини ривожлантириш, ерга плёнка остида ва очиқ майдонда чигит экиш агротехник талаб ва меъёрларини пухта ўзлаштириш, қолаверса, юқори унумдор техника ва механизмлар созлигига доир зарур тавсия ва кўрсатмалар ишлаб чиқилмоқда. Пахтачилик соҳасига илмий, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш бўйича фермер хўжаликларига амалий йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари