Фермерларга бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластер билан шартнома тузиш имкони берилади.

Ўзбекистонда фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади, улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади. Келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоизлик аванс тўғридан тўғри фермерларга ажратилади.


Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябр кунги йиғилишда айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилганини қайд этди.
20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги бор, 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаган. Шу каби, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарздорлиги бор.
Йиғилишда шу муносабат билан кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Ҳар бир вилоятда янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади. Улар камида икки босқичли қайта ишлашни йўлга қўйган бўлиши шарт бўлади.
Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.
Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан тўғри фермерларга ажратилади.
Мутасаддиларга кластер ва фермерларни молиялаштиришнинг янги тартибини йўлга қўйиш топширилди.
Йиғилишда таъкидланишича, бу йил 41 та кластерда ҳосилдорлик 40 центнердан ошган бўлса, 9 тасида 30 центнердан кам бўлган. Ҳосилдорлик пастлиги ва таннарх юқорилиги ҳисобига Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рентабеллик 10-11 фоиздан ошмаяпти. Шу боис, келгуси йилдан пахта уруғчилиги бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади.
Келгуси йили балл бонитети паст, сув оғир бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган ҳар бир вилоятдаги 1 тадан туманда 70-80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади. Шу билан бирга, 30 центнердан паст ҳосил бераётган навларни экиш тўхтатилиб, улар уруғчилик институтлари томонидан ишлаб чиқилган янги серҳосил навлар билан алмаштирилади.
Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоят ҳокимларига бу бўйича тегишли топшириқлар берилди.

УзА.


 

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари