“Халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз”

     Бир вақтлар қишлоқ хўжалигида барқарор иш ўринлари, деган тушунча деярли йўқ эди. Фақат мавсумий иш ўринлари бўларди. Бугунга келиб эса кластер тизими мана шу каби қатор масалаларнинг ечимига айланди. Очиғини айтганда, биз узоқ йиллар қишлоқ хўжалигида таваккалчилик асосида фаолият юритдик. Сув сарфи, ерга муносабат—ҳеч бирида илмий-инновацион услублардан кўра кўпроқ турғун тажрибага таяндик, билимни ишга солмадик. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кластер тизими йўлга қўйилгач, соҳага кенг имкониятлар берилди. Шу билан бирга, зиммамизга кўп тармоқли тизимни яратишдек катта вазифалар юкланди.

     Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш учун изланишимиз, аграр соҳага халқаро илғор технологияларни олиб киришимиз зарур эди. Бу борада ислоҳотлар бизга куч берди.Бугунги давр бизнинг олдимизга ҳар жабҳада илғор бўлиш, ҳам мутахассис, ҳам тадбиркор ишбилармон бўлишни, изланиш шартини кўндаланг қўйди.

     Кластеримиз ташкил этилганига атиги тўрт йил бўлганига қарамай, бугунга келиб эришаётган натижаларимиз салмоқли кўриниш олаётгани, халқимиз дастурхонини тўкин, турмушини янада фаровон қилиш йўлида фаолият юритаётганимиздан мамнунмиз. Бинобарин, ҳозирда кўп тармоқли “Бухоро агрокластер” тизимида элликка яқин ишлаб чиқариш корхонаси, жумладан, чекка туманларда пахта тўқимачилик, йигирув ва трикотаж фабрикалари, ёғ-мой заводлари, савдо ва хизмат кўрсатиш, қолаверса, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган субъектлар мавжуд.

     Жумладан, шулардан бири — “Бухоро агрокластер ДЗЗ” корхонасида сутни қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. Кўп йиллик тажрибадан келиб чиқиб айтсак, вилоятда ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар бисёр, қишлоқ хўжалигида ўзлаштирилмаган ёки қаровсиз ерлар бор. Аммо уларни ҳақиқий даромад манбаига айлантириш учун озмунча меҳнат тақозо қилинмаслигини ҳам яхши биламиз. Шу мақсадда бор куч ва механизмларни жалб этиб, қаровсиз майдонни ўзлаштириб, унда замонавий мажмуа барпо этдик. 2021 йилда очилган корхонада бугунги кунда йилига 22 минг тонна сут қайта ишланаётгани бу борадаги имконият ва салоҳиятдан далолат, албатта.  

     Бу корхонада тайёрланаётган кефир, сут, пишлоқ, йогурт, қаймоқ, сметана каби маҳсулотлар тури 40 дан ортиқ ва бу ҳаммаси 150 кишилик меҳнат жамоасининг барқарор хизматлари туфайлидир. Таъкидлаш жоизки, фаолияти кенгайтирилаётган, моддий манфаатдорлик оширилаётган бу каби мисолларни яна етарлича санаш мумкин. Иш кўлами ва даромаднинг ортиши билан кластер фаолиятини кенгайтириш, барча хизматлар, эҳтиёжни ўз имкониятларимиз орқали қоплашга ҳаракат қилинаётгани қўлга киритаётган ютуқларимиз омили бўлмоқда.  

     Барчамизга маълумки, Бухоро вилояти экин майдонларининг шўрланганлик даражаси бошқа ҳудудларга нисбатан юқори. Бу ҳолат тупроқ таҳлилини ва шунга кўра оқилона чора-тадбирларни тақозо қилади. Яъни, ушбу ресурснинг кимёвий таркиби пухта ўрганилиб, шу орқали ўсимликларнинг минерал ва органик ўғитларга бўлган талабини тўғри юритиш  орқалигина ҳосилдорликни ва бундан кейин даромадни ошириш мумкин. Ана шу талаб боис, корхона тизимида ер майдонлари унумдорлигини аниқлаб берувчи замонавий лабораторияни ҳам  ташкил этганмиз.  

     Шунингдек, корхонамиз тизимидаги “Бухоро агрокластер-чорва” МЧЖ да интенсив гидропоника усулида озуқа маҳсулотлари етиштириш ҳам йўлга қўйилган, 1 килограмм буғдойдан 7 килограмм “яшил озуқа” етиштириш имконияти ўзлаштирилмоқда. Бу иш услуби аввало чорвачилик комплексида наслдор қорамоллар парваришини тўғри йўлга қўйиш, иқтисодий тежамкорлик асосида фаолият юритиш баробарида гўшт ва сут маҳсулотлари етиштиришни барқарор изга солишда қулай имконият яратмоқда. Бу эса пировардида сарф-харажатларни уч баробарга камайишига хизмат қилади.

     Кейинги йилларда тадбиркорларга муносабат тубдан ўзгаргани, давлатимиз, ҳукуматимиз даражасида ишбилармон табақа вакилларига яқиндан ёрдам, қулай шарт-шароит яратиб берилаётгани кўпчилик бизнес вакилларига куч-қувват ва юқори руҳий ишчанлик салоҳиятини бермоқда. Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот вақтида хаёлимдан шундай гаплар ўтди: бир вақтлар ўзингизни қийнаётган муаммони ҳал қилиш учун давлат раҳбари у ёқда турсин, маҳаллий ҳокимликнинг эшигини тақиллатишга ҳам юрагингиз бетламас эди. Чунки, барибир сизни ҳеч ким ҳатто тингламас эди-да. Энди бевосита давлат раҳбарининг ўзи бизга юзланиб, “Нима муаммо бор, қандай имконият зарур ?” деяпти. Бу катта рағбат ва қўллаб-қувватлаш демак. Мулоқот давомида кластерларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари янада кенгайтирилиши, айланма маблағлар учун бир ярим йил муддатга 3 триллион сўм кредит ажратилиши каби енгилликлар таъкидланди. Ишлайман, ўз фаолиятимни кенгайтираман деган тадбиркорга бу жуда катта имконият, албатта. Аммо шак-шубҳасиз, шунга яраша зиммамиздаги масъулият салмоғи ҳам ортмоқда.  

     Давлатимиз раҳбари кўксимга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони нишонини тақаётганда соҳа ривожи учун янада фаол бўлишим, мана шу ишончни оқлашим зарурлигини теран ҳис қилдим. Албатта, бу ишончга муносиб меҳнат қилиб, халқимиз турмушини янада яхшилаш, жамиятимиз тараққиётига баҳолиқудрат ҳисса қўшишдек хайрли ва эзгу йўлда бор куч ва имкониятимизни аямаймиз.   

 

Азамат СУЛТОНОВ,
“Бухоро агрокластер” МЧЖ директори,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
қишлоқ хўжалиги ходими

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари