Чорвачилик комплексига вазир ташрифи

     Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалини вазири Азиз Воитов "Бухоро Агрокластер Чорва" МЧЖ фаолияти билан танишди.

     Ташриф давомида таъкидланишича, ушбу чорвачилик комплексининг ташкил етилганига уч йилгина бўлишига қарамай бугунги кунда республикадаги бошқа чорвачилик комплексларига наъмуна бўлиб келмоқда. Илм ва инновацияни тўгри жорий қила олиш чорвачилик соҳасининг кейинги истиқболини белгиловчи омил эканлигига мана шу ерда гувоҳ бўласиз. Чорва молларини мусиқа қўйиш орқали парвариш қилиш, уларни боқишда гигиеник талабларга қатъий риоя қилиш, махсус озиқлантириш рациони бу ерда амалиётга пухта жорий этилган. Бу каби ишлар тадбиркорларга ўзлаштириш қийин бўлган ишдек туюлар эди. Аммо вақт ўтди. Бугунги кун тадбиркорлари давр билан ҳамнафас иш кўрмоқда. "Бухоро агрокластер Чорва" МЧЖ фермасида қорамолларни парвариш қилишда энг сўнгги услублар қўлланилмоқда. Инновацияни мақбул шартларда жорий этиш эса айнан мана шу соҳани келгусида ривож топишида туртки бериши бор гап. Бугунги кунда чорвачилик мажмуасида жами 3 000 бош сут ва гўшт йўналишидаги қорамоллар парваришланиб келинмоқда. Шундан 1 000 бош Голштин, Симментал ва Швис зотли соғин сигирлардир. Наслчилик селекция ишларини кенг кўламда ташкил этиш мақсадида ҳозирда бу ерда Ангус ва Белгия зотли қорамоллар ҳам келтирилиб парваришланмоқда.

     Бир бош соғин сигирдан ўртача 28 литр, кунлик эса жами 28 тонна сут олишга эришилди.

     Бундан ташқари "Хўжаликдан дастурхонгача" тизими асосида фаолият юритаётган чорвачилик комплексида илм ва амалиётни бирлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида "Чорвадорлар мактаби" ташкил этилган.

     Ушбу мактабда бугунги кунда Бухоро вилоятида фаолият юритаётган зоотехник ва ветеринарлар малака ошириб келишмоқда.

     Мутахассислар амалиётга илмий ёндашув усулини қўллаган ҳолда ўқув ишларини олиб боришмоқда. Бу ерда малака ошираётган мутахассислар учун барча шароитлар замонавий инновацион кўринишда яратиб берилган.

     Жумладан, рақамлаштирилган сут соғиш зали ҳам Туркия давлатидан келтирилган бўлиб, ҳар бир соғин сигирнинг масалан, соғиб олинган сути, сигирларнинг физиологик ҳолати тўғрисидаги маълумотларни компютерда кўрсатиб туради.

     Бу комплекс "Ақлли чорвачилик комплеси" шаклида фаолият юритади. Қорамоллар парвариши ҳамда уларни озиқлантириш учун замонавий техникалардан “Ягуар” комбайнлар, озуқани ҳамда сут маҳсулотининг таҳлилини амалга ошириш учун замонавий лаборатория ва озуқа тайёрловчи ва ташиб берувчи миксерлар Туркия давлатидан келтирилган бўлиб рақамлаштирилган ҳолда ишламоқда.

     Бундан ташқари қорамолларни халқаро тажриба асосида классик мусиқа билан парваришлаш натижасида соғин сигирларнинг сут маҳсулдорлиги ошиб, ёш бузоқларнинг кунлик ўсиши тирик вазни меёридан юқори кўрсатгичда эканлигини кўриш мумкин.

     Ташкил этилган чорвачилик мактаби республикадаги барча пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан ташкил этиладиган чорвачилик комплексларига ҳамда чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига малакали мутахассисларни тайёрлаб беришда хизмат кўрсатади.

     Чорвачилик комплекси пахта-тўқимачилик кластери ҳузурида ташкил этилганлиги сабабли озуқа базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган кучли озуқалар арзонлаштирилган нархларда етказиб берилмоқда бу албатта сут таннархининг арзонлашувига сабаб бўлмоқда.

     Шунингдек, бу ерда интенсив гидропоника усулда яшил озуқа етиштириш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, 1 кг буғдойдан 7 кг яшил озуқа, кунлик эса 3 тонна 800 кг етиштириб берилмоқда.

     Бундан ташқари чорва молларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида чорвачилик комплексига 400 гектар озуқа экин ер майдони ажратилган бўлиб беда, силос ва дон учун маккажўхори ва оралиқ экинлардан рож билан тритикали экиб келинмоқда.

 

 

 

 

 

 

                                                                                                                                                                                                                                                      AGRO.UZ дан

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари