Бухoрo. 08 март, 2023
Эрта баҳорнинг ҳар бир куни деҳқон учун ғанимат ва бу жараёнда экин ишларини оби-тобида олиб бориш эртанги мўл-кўл ҳосил олиш гаровидир. Бошқача айтганда, халқимиз дастурхонининг тўкинлигини таъминлаш, ризқ-рўзимизнинг бутун бўлиши бугунги пухта тараддуд ва саъй-ҳаракатга боғлиқ.
Бухоро вилоятида жорий йилги пахта мавсуми бирмунча барвақт бошланмоқда. Сабаби, бу жараён ер тайёрлаш, об-ҳаво ҳароратининг ўзгарувчанлиги, март ойининг нисбатан иссиқ келаётгани билан боғлиқ. Деҳқон миришкорлар учун эса баҳорнинг ҳар бир куни ҳисоб-китобли.
Жорий йил бухоролик пахтакорлар 96 минг 220 гектар майдонга чигит экиб, ўтган йилгиданда салмоқли “оқ олтин” хирмони барпо этиш тараддудида. Бу жараёнда вилоятдаги 11 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан туманлардаги жами 3 минг 38 та фермер хўжалиги билан саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштиришга доир шартномалар тузилган. Жори йил чигит экиладиган ялпи майдоннинг 20 минг 635 гектари плёнка остига, 2 минг 141 гектари қўшқатор орасига, 8 минг 750 гектари 90 сантиметр, 305 гектари 76 сантиметр ва асосий 64 минг 389 гектар қисми 60 сантиметр оралиқда экиш кўзда тутилган.
Бугун, 8 март куни Бухоро тумани “Работак” МФЙ даги “Шариф Мирзо” фермер хўжалиги даласида чигит экиш мавсуми олдидан ташкил этилган кўргазмали амалий семинарида бу борадаги вазифалар кенгашиб олинди. Вилоят ҳамда туманлар секторлари, туман ҳокими ўринбосарлари, соҳага масъул ташкилот ва корхоналар, пахта-тўқимачилик кластерлари, олимлар ва мутахассислар, пахта–тўқимачилик кластер корхоналари мутасаддилари, фермерлар қатнашган семинарда ерга плёнка остида ва очиқ майдонда чигит экиш агротехник талаб ва меъёрлари, техникалар созлиги, чигитни бир текис ундириб олиш билан боғлиқ жараён амалий машғулот тарзида тушунтириб берилди.
Тажрибали деҳқон–мутахассисларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртароқ, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 10 сантиметр чуқурликда 13-14 градусга етганида чигит уруғини қадаш учун энг қулай муддат саналиб, уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди. Туксиз чигит туклига нисбатан 5-6 кун кечроқ экилади.
Кўргазмали амалий семинарда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров ва бошқалар ана шу ҳақда фикр–мулоҳаза юритганлари ҳолда, фермер хўжаликлари раҳбарлари, деҳқонларга ўз тавсия ва таклифларини бердилар. Масъул мутасаддиларга чигит экишни қисқа муддатларда ва сифатли якунлаш, чигит экиш сеялкаларни ростлаш, ерни экишга тайёрлаш каби муҳим масалалар бўйича тавсиялар берилди.
– Эрта баҳордан вилоятимизда дала-деҳқончилик ишлари қизғин тус олмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ҳар бир саъй-ҳаракат халқимизнинг фаровон турмуши, баракали ризқ-рўзи учундир. Шунинг учун бу тадбирга катта масьулият билан ёндашиб, чигит экиш ишларини сифатли ўтказиш ва чигитни ундириб олиш ҳосил тақдирини 50 фоиз ҳал қиладиган муҳим омил, – дейди вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов. –Шунинг баробарида, Бухоро тупроқ-иқлими шароитида ер намини сақлаш ўта муҳим, ҳосил тақдирини ҳал қилувчи аҳамияга эга агротехник тадбир ҳисобланади. Чунки ерларнинг шўрланиш даражаси юқорилиги, мелиоратив ҳолатининг барқарор эмаслиги, ноқулай об-ҳаво шароити маҳаллий деҳқон–фермерлар учун пахта ҳосилини етиштириш, парваришлаш ва йиғиб олишда бирмунча қийинчиликлар туғдириши сир эмас.
Кўп йиллик тажрибадан келиб чиққан ҳолда жорий мавсумда ҳам вилоятда эртапишар “Бухоро-102”, “Бухоро-10” (“Сардор”), “Порлоқ” ва ўртапишар “Бухоро-6”, “Бухоро-8” каби маҳаллийлаштирилган ғўза навларини экиш режалаштирилган. Навлар ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб жойлаштирилади. Ҳар йилги деҳқончилик мавсуми каби об-ҳаво беқарор келиши кутилаётган бу йилги шароитда ҳам чигитни мақбул муддатларда, тез ва сифатли экиб, ундириб олиш мўл ҳосил етиштиришда ўз самарасини беради. Бунинг учун туманларда пахта етиштириладиган жами 19 минг 84 та контурда масъул секторлар миқёсида фаолият олиб борадиган 142 та штаб ва 146 та отряд, қолаверса, улар тасарруфидаги мавжуд 251 та “CASE–1200” русумли юқори унумли чигит экишгич, бошқа техникалар иш фаолияти кунлик мувофиқлаштириб борилади. Чигит экиш отрядларига 1 мингдан ортиқ техника бириктирилиб, 137 та кўчма устахона, 133 та ёқилғи тарқатиш машинаси ажратилган. Экиш жараёнида жами 350 та унумдор экишгичлардан фойдаланилади.
Бухоро туманида ўтган семинарда замонавий, юқори унум билан ишловчи қишлоқ хўжалиги техника воситалари кўргазмаси ташкил этилди. Пахтачилик соҳасига илмий, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш бўйича фермер хўжаликларига амалий йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди..
Шундан сўнг удумларимизга биноан эҳсон уюштирилди. Пахтакорларимиз ҳақига дуо қилинди. Шу куни “Шариф Мирзо” фермер хўжалиги аъзолари вилоятда биринчилардан бўлиб уруғ қадашни бошладилар.
Чигит экиш мавсуми бошланишига бағишланган кўргазмали семинар Ромитан туманидаги “Пахта круг замини” фермер хўжалиги далаларида ҳам бўлиб ўтди. Мутасаддиларга плёнка остига ва очиқ майдонларда чигит экишни қисқа муддатларда ва сифатли якунлаш бўйича тавсиялар берилди. Бунинг учун мавжуд техникалар кучидан оқилона фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Бажарилиши лозим бўлган масалалар белгилаб олинди.
Кўргазмали амалий семинардан сўнг ҳар йилги анъанага мувофиқ, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳида удумга кўра миришкор пахтакорлар шарафига дастурхон ёзилиб, деҳқончиликка қут-барака, мўл ҳосил сўраб, эзгу дуолар қилинди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати