ШОФИРКОН ТУМАНИДА 1200 ЎРИНЛИ ЗАМОНАВИЙ ТИКУВЧИЛИК ФАБРИКАСИ ИШ БОШЛАДИ

     Шофиркон туманида кўп йилдирки халқ хўжалигининг қатор соҳаларида ривожланишда оқсоқлик кузатилиб келинаётган эди, лекин кейинги йилларда ушбу туманда янгиланиш ва ривожланиш йўлига чиқилаётгани қувонарли албатта. Хабар қилинганидек,"Шофиркон пахта тозалаш заводи” МЧЖ ёнидан ажратилган 2,8 гектар майдоннинг 1 минг 300 метр квадрат алоҳида ер майдонида икки қаватли муҳташам корхона биноси қурилиши жорий йил бошидан лойиҳалаштирилган ва март ойидан қурилиши бошланганди.

     “Гулистон” МФЙ да пудрат корхонанинг юздан ошиқ ишчи-мутахассиси қўли билан барпо қилинган бу муҳташам иншоот – Туркия давлати технологияси асосида қурилган бўлиб, 120 метрга 108 метр ўлчамидаги катта цех замонавий тикув ускуна ва дастгоҳлари билан жиҳозланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллиард 700 миллион сўмга тенг бўлиб, шундан 25 миллиард сўм сармоя қурилишга ажратилди. Шунингдек, корхонада 14 миллиард 170 миллион сўм маблағга 660 донадан ортиқ Япониянинг замонавий “JUKI” русумли тикув машинасилари ҳамда бошқа зарур ускуналар харид қилишга йўналтирилди. Фабрикада ҳар бирида 30 та тикув машинкасидан иборат 22 дона ишлаб чиқариш тикув линиялари йўлга қўйилмоқда. Бунда 10 миллиард 900 миллион сўм маблағ ишлаб чиқариш учун зарур ярим тайёр хом ашё – матолар учун сарфланмоқда.

     Бугун, 2 июль куни “Amirtex” ёрлиғи(бренди) остида “AZTEX” тикувчилик фабрикаси номини билан мазкур ишлаб чиқариш иншоотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳамда туман жамоатчилиги, лойиҳага ҳисса қўшган Туркия давлати ишбилармон доира вакиллари, туман ҳокимлиги, “Бухоро Агрокластер” МЧЖ мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

     Тантанали маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов бу воқеа туман иқтисодий-ижтимоий ҳаётида ўзига хос янгилик экани, сабаби туманнинг 1 минг 200 дан ошиқ чевар хотин-қизи мазкур корхона туфайли ишли бўлгани ва бундан ўнлаб, юзлаб оилалар моддий манфаатдор бўлаётганини эътироф этиб, барчани самимий табриклади.

     Шундан сўнг тадбирнинг бошқа қатнашчилари Туркия давлатининг “LC Waikiki” компаниясининг республикамиздаги вакили Исрафил Фират, “Бухоро Агрокластер” МЧЖ бош директори Азамат Султонов, Туркиянинг “ASTAS JUKI” компаниясининг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий менежери Бекир Ширлаган, шофирконлик донгдор ғаллакор ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз дил сўзларини  ва табрикларини билдирдилар.

     Таъкидланганидек, замонавий ва муҳташам, тикув цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборлари, офис ва қўшимча биноларига эга бўлган яхлит мажмуада иш барқарор ташкиллаштирилиши ҳисобидан йилига 1 миллион 100 минг дона кийим-кечак тикиб тайёрлаш кўзда тутилган бўлиб, бу товарнинг 70 фоизи маҳаллий бозор ва буюртмачиларга, 30 фоизи эса хорижий ҳамкорларга етказиб берилади.

     Эътиборлиси, корхонада ишлаш истагини билдираётган маҳаллий хотин-қиз чеварлар сафи ҳам кенгаймоқда. Бунда иш ҳақи кунлик бажариладиган иш ҳажмига тегишли бўлиб, ўртача маош 2 миллион сўмни ташкил этмоқда. Жамоанинг бир йилда маҳсулот ишлаб чиқариш қиймати эса 264 миллиард сўмга етказилиши кўзда тутилган.

     “Ўзим Шофиркон саноат ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежини ўқиб битирганимга қарамасдан, бир неча йилдирки, икки фарзандим билан уйда ишсиз қолгандим” – дейди “Талисафед” МФЙ да яшовчи, эндиликда “Amirtex” корхонаси чевари сифатида иш бошлаган Наргиза Пўлатова. “Бахтга қарши турмуш ўртоғим ҳам қишлоқда иш тополмай жуда қийналдилар. Турмушимиз оғирлашганидан сўнг, мени “Аёллар дафтари”га киритишди ва бу корхонадан иш таклиф қилганликларидан хурсандман. Яхши ишласак 2 миллион сўмгача ойлик маош ваъда қилишган”

     Шу куни меҳмонлар муҳташам иншоотда чеварлар учун яратилган шарт-шароит, қолаверса, ишлаб чиқариш технологик жараёни билан яқиндан танишдилар. Жумладан, бежирим тикиб тайёрланадиган маҳсулотлар намойиши ва савдосига доир келишувлар амалга ошириладиган шоурум, замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган тикув павильони, бунда меҳнат қиладиган ишчи-мутахассислар учун ошхона, дам олиш хоналари ва улардаги қулайликлар кўздан кечирилди.

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари