Когон: “шўр ювиш”га ҳозирлик, ғаллазор бошидаги хандақларга ўғит жамғариш, техника таъмири эътиборда

Ҳосилдан бўшаган майдонларни келгуси йил ҳосилига тайёрлаш, ер тозалаш, маҳаллий ўғит киритиб, чуқур шудгорлаш, боғ-токзорларни тартибга солиш, ҳатто қатор ораларини бўш қолдирмасдан, экиб яшнатиш каби ишлар билан бир қаторда барча туманлар маҳалла ва қишлоқларида экин ерлари “шўрини ювиш”га катта эътибор қаратилмоқда. Баъзи хўжаликларда бу жараён аллақачон бошланган. 

Биргина Когон туманини олсак, ҳудудда жорий мавсум 8547 гектар майдонда “шўр ювиш” агротехник тадбири мақсад қилинган бўлиб, бугунгача жами 6600 гектар контурда ер тайёрлаш ишлари амалга оширилган. Бу ҳали мавжуд ялпи экин ерининг 77 фоизига тенг дегани. Қишлоқ хўжалигига тегишли таъминотчи корхоналар ва фермер хўжаликларидан бу борада фаоллик ва иш суръатини ошириш тақозо этилмоқда.

Жумладан, пешқадам хўжаликлардан “Чолоки” ҳудудидаги “Жасур Одил”, “Ахтам Фозил”, “Ниёз Ҳожи” худудидаги “Мустақим ўғли Маҳмуджон”, “Беклар” ҳудудидаги “Эркин”, “Барака Сафо”, “Когон Неъматулло” фермер хўжаликларида экин ерлари чуқур ҳайдалиб, қишки чилла сувидан бостириб суғоришга тайёрлаб қўйилган.

Шу кунларда давом эттирилаётган шудгорлаш ишларида 19 та юқори унумли хорижий техника кучидан фойдаланилмоқда. Кунига бир ҳайдов трактори билан 162 гектар майдонда шудгорлаш ишлари бажарилмоқда. Қишки агротехник тадбирларни талаб даражасида адо этиб, ҳар гектарига 5 тонна атрофида маҳаллий ўғит киритаётган, дала атрофларини тартибга солиб, ободонлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатаётган субъектлар қаторида “Тунироқ” ҳудудидаги “Шоди Тоҳир Саломов”, “Хўжа якшаба” ҳудудидаги “Саиджон Назиржон”, “Когон Магомед чорва”, “Ҳукуматобод” ҳудудидаги "Расулов Рўзиқул", “Янги ҳаёт” ҳудудидаги “Баҳор ченж” МЧЖ, “Ўртачўл” ҳудудидаги “Абдуқодиробод”, “Нурафшон” ҳудудидаги “Агрокластер” МЧЖ ларини санаб ўтиш мумкин.  

Эрта баҳорда чигит экиладиган экин ерларини тайёрлаш, шудгорлаш билан бирга, туманда эртанги ризқ-рўз манбаи—буғдой етиштиришда амалга оширилаётган агротехник чора-тадбирлар ҳам эътиборга молик. Шу кунларда туп қўйиб, босқичма-босқич ривожланаётган ғалла майсаларини қишки “оби ҳаёт”дан “шарбат”лаб суғориш учун ҳар бир контур бошида хандақлар қазиб, маҳаллий ўғит жамғариш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Айни кунда келгуси йил ҳосили учун туманда 310 та фермер хўжалигининг 1 212 та контури, жами 6 058 гектар майдонида кузги ғалла экиб парваришланмоқда. Жорий декабрь ойида туман бўйича хўжаликлар миқёсида 1 514 та хандак қазиб тайёрланиб, дала меҳнаткашлари қўл кучи билан 22 минг 557 тонна махаллий ўғит—нури заҳирасини тайёрлаш ишлари жадал бормоқда. Ўрганишлардан аён бўлишича, ҳудудда шу кунгача тайёрланган маҳаллий ўғит заҳираси амалда 9 072 тонна ёки 41 фоизга етказилган.  

 

Туман далаларидаги агротехник тадбирларни назорат тартибида ўрганаётган ишчи гуруҳи маълумотига биноан, ҳудуддаги “Орғун чорва” МЧЖ, “Адизов Музаффар замини”, “Нурафшон” ҳудудидан “Сайфиддин ҳожи замини”, “Беҳбудов Равшан”, “Туткунда” ҳудудидаги “Бозоров Жаҳонгир Самадович”, “Ўрта чўл” ҳудудидаги “Юнусобод”, “Раҳмат ўғли Алишер”, “Баҳоуддин Нақшбанд” ҳудудидаги “Когон Ахтам Асилбек”, “Нур Ислом”, “Ниёз ҳожи” ҳудудидаги “Когон порлок келажак”, “Жасур Одил” каби қатор фермер хўжаликлари томонидан ғалла майдонларида парваришни талаб даражасида ташкил этиш ва маҳаллий ўғит киритиш ишлари рисоладагидек бормоқда. Умуман, ҳудудда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари томонидан бир кунда 185 тонна маҳаллий ўғит жамғарилаётгани экин ери унумдорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.  

 

Дала деҳқончилик ишлари билан бирга Когон туманида баҳорги экиш мавсумида қатнашувчи қишлоқ хўжалиги техника ва механизмлари шайлиги, улар таъмири долзарб аҳамиятга эга. Шу кунларда техникаларни жамлаш ва таъмирлаш масканларига киритиш ишлари ҳам бошланган. Бу борада икки ҳудудда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Баҳор ченж” ҳамда “Бухоро Агрокластер” база масканларида турли русумдаги жами 156 та чопиқ трактори, 156 та культиватор, 42 та чизель, 1100 та тишли борона, 37 та экишгич ва ҳатто, 11 та ғалла ўриш комбайни киритилмоқда. Айни кунда мавжуд агрегатлар техник кўрикдан ўтказилиб, эҳтиёт қисмларига бўлган талаб ўрганилмоқда.  

Жумладан, шу кунларда туманнинг иккинчи секторидаги “Бухоро агрокластер” МЧЖ га тегишли “Нурафшон Чуқуркўл” ММТП таъмирлаш саройида ўнга яқин фермер хўжалиги  томонидан 8 та трактор культиватори, “Баҳор ченж” МЧЖ кластери корхонаси саройида эса  6 та трактор культиватори, 4 та чизель, 150 дона тишли борона ва 2 дона ғалла ўриш комбайнини таъмирлаш чора-тадбири кўрилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати  

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари