АЗТЕКСда тажриба алмашиш

     2023 йилнинг 19 август кунида Тошкент ва Андижон вилоятлари ҳокимлари бошчилигидаги делегация аъзоларининг навбатдаги танишув манзили Шофиркон туманида 1 минг 200 ўринли “AZTEX” тикувчилик фабрикаси бўлди.

     Жамият раҳбари Азамат Султонов меҳмонларга лойиҳани ташкил этиш ғояси ва корхона фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб берди.

     Замонавий тикув цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборлари, офис ва қўшимча биноларига эга бўлган яхлит мажмуа фаолияти қатнашчиларда катта таассурот уйғотди.

     Мазкур корхонада ҳаётга тадбиқ этилаётган йирик истиқболли лойиҳа қатнашчиларни жиддий қизиқиша сабаб бўлди. Улар маҳсулотлар сифати, корхонанинг истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалари, экспорт географияси, хом ашё манбалари юзасидан ўзаро фикр алмашишди.

     Таъкидлаш лозимки, “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо қилинган бу иншоот – Туркия давлати технологияси асосида қурилган 120 метрга 108 метр ўлчамидаги катта цех замонавий тикув ускуна ва дастгоҳлари билан жиҳозланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллиард 700 миллион сўмга тенг.

     Ушбу корхонада 14 миллиард 170 миллион сўм маблағ эвазига Япониядан 660 дона замонавий тикув машинаси келтирилган ва яна маблағлар зарур ускуна харид қилишга йўналтирилди. Фабрикада ҳар бирида 30 та тикув машинасидан иборат 22 та гуруҳ ишлаб чиқариш тикув йўналишлари йўлга қўйилмоқда. Жараёнда 10 миллиард 900 миллион сўм маблағ ишлаб чиқариш учун зарур ярим тайёр хом ашё – мато учун сарфланмоқда.

     Туманда ушбу йирик ишлаб чиқариш корхонасининг фаолият бошлаши ҳудуд иқтисодий-ижтимоий ҳаётида ўзига хос янгилик. Сабаби мазкур корхона туфайли туманнинг 1 минг 200 дан ошиқ чевар хотин-қизлари ишли бўлишди, ўнлаб, юзлаб оилалар моддий шароитларини яхшиладилар.

     Меҳмонлар ҳам айни шу жиҳатларни алоҳида эътироф этишди.

 

 

 

 

 

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари