“Бухоро Анрокластер” МЧЖ тизимидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари соҳада амалга ошираётган туб ислоҳотлар натижасида салмоқли натижаларга эришиб келмоқдалар.
Ёзнинг ўта иссиқ келиши, сув ресурсларининг ҳар йилгидан сезиларли даражада танқислигига қарамай ўзларининг мустаҳкам ирода ва матонатларини намоён қилишиб “Бухоро Агрокластер заминлари,”Гарден Бухоро Агрокластер" ва "Бухоро Сервис Агрокластер" маъсулиятлари чекланган жамиятлар меҳнаткашлари мавсумда пахтадан мўл ҳосил етиштирдилар.
Агрокластер тизими бўйича жами бўлиб 1855 гектар ерга чигит қадалиб, йил якунида 6823 тонна сифатли пахта хомашёси етиштирилди. Шартномавий режалар 106 % га ошириб бажарилиб, мўлжалдагидан 385 тонна кўп ҳосил жамланди. “Бухоро Агрокластер заминлари” МЧЖ далаларида йиғиб олинган пахта ҳосилини топшириш шартномавий режаси эса 119 % га бажарилди.
Агрокластерда меҳнат қилаётган деҳқонлар, мутахассислар, олимлар кейинги йилларда пахта маҳсулотларини етиштиришда янгича ёндашув, инновациялар ва илғор ишланмаларни, интенсив ва ресурс тежайдиган технологияларни изчил татбиқ этиш билан илм-фан ютуқларини пухта ўрганган ҳолда, кўп йиллик бой билим ва тажрибаларини ишга солиб, бу йилги мавсумда ҳам юқори сифат натижаларига ҳам эришдилар.
Агрокластер бўйича ҳар бир гектар майдондан 36,8 центнердан, шунингдек "Бухоро Сервис Агрокластер” МЧЖда 38,2 центнердан ҳосил йиғиштириб олинди. Жамланган пахта хомашёсининг 86% 1-сортларга қабул қилинди. Улар жумласида “Бухоро Агрокластер заминлари” МЧЖда етиштирилган 2192 тонна пахтани ҳаммаси шу юқори сортга топширилди.
Ҳозирги кунларда агрокластер корхоналарига қарашли далаларда янаги мавсумга тайёргарлик тадбирлари доирасида ерларни тозалаш, шудгорлаш, шўр ювиш ва бошқа агротехник тадбирлар қизғин олиб борилмоқда.