Бухоролик пахтакорларнинг меҳнат ғалабаси

 

     Мамлакатимизда аграр соҳанинг асосий тармоғи––пахтачиликда ўзига хос тажриба мактабини яратган бухоролик пахтакорлар мамлакатимизда биринчилар қаторида жорий йилги пахта топшириш шартномавий режани бажарди.

     Фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил етиштирилиб, 342 минг 600 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилди, унинг аксарият қисми юқори навларга сотилди. Бу белгиланган режанинг 100,2 фоизини ташкил қилади.

     Мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифалар аниқ белгилаб олинган бўлиб, улар изчил амалга ошириб борилаётгани ўзининг амалий самараларини кўрсата бошлади. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда инновацион ғоя-кластер тизими жорий этилди. Бугунги кунда вилоятнинг 11 та туманида 10 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият олиб бормоқда.

     Вилоятимизда етиштирилган ялпи пахта ҳосилининг туманларда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Buxoro Agrocluster”, “Merganteks”, “Qorakul Kumush Kalava”, “Parvoz Xumo Ravnaq trans”, “BCT Cluster Agrokompleks”, “WBM Romiteks”, “Bahor Chance Textile”, “Buxoro Zarhal Teks” каби корхоналар тайёрлов–қабул масканларида саранжомлангани ҳам соҳада бутунлай янгича фаолият бошланганидан далолатдир. Мазкур агрокластер субъектлари фьючерс тартибида, фермер хўжаликлари билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаган. Бошқалардан фарқли томони, ҳудудда етиштирилган пахта ҳосили шу ернинг ўзида “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойилига мувофиқ, қайта ишланади. Тармоқда энг йирик “Buxoro Agrocluster” МЧЖ бу йил вилоятнинг Вобкент тумани фермер хўжаликлари билан 37 минг 463 тонна, Ғиждувон туманидаги субъектлар билан жами 34 минг 250 тонна, Шофиркон туманида 21 минг 115 тонна, Пешкў тумани билан 31 минг 450 тонна, Когон тумани фермер хўжаликлари билан 16 минг 524 тонна, Қоровулбозор туманида 7 минг тоннадан ортиқ, умумий ҳисобда 150 минг тоннага тенг юқори сифатли саноат хом ашёси етиштириш бўйича келишувга эришган.

 

    

     Вилоят пахтакорларининг меҳнат зафарида давлат шартнома режасига мувофиқ катта хирмонга улуш қўшган Қоракўл, Олот, Вобкент, Пешкў, Ғиждувон, Шофиркон туманларининг ҳиссаси катта бўлди.         

     Юқори ҳосил олишнинг муҳим жиҳатлардан бири ерлар мелиоратив ҳолатининг яхшиланиши ҳамда тупроқ-иқлим шароитига мос навларнинг танланганидир. Жорий деҳқончилик мавсумида ҳудудда 106 минг гектар ерда асосан “Бухоро-6”, “Бухоро-8” ҳамда “Бухоро-10” истиқболли навлари асосида катта хирмон кўтарилган бўлса, унинг 291 минг 851 тоннаси, яъни 95 фоизи биринчи, сара навга қабул қилинди. Қолаверса, уруғлик пахта етиштириш ҳажми 3 минг 738 тоннани ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, вилоятда деҳқончилик маданияти, айниқса, пахтачиликда ўзига хос тажриба мактаби яратилгани, бевосита пахтачиликка ихтисослашган 3 мингдан ошиқ  фермер хўжалигида ерни экишга тайёрлаш ва чигитни бир маромда ундириб олиш жараёнидан бошлаб, ишнинг тўғри ташкил қилинганлиги, қатъий меҳнат интизоми, агротехник тадбирларнинг кечиктирмасдан олиб борилгани якунда умумий муваффақиятни таъминлади. Қиёсий олсак, биргина 2019 йилда вилоят пахтакорлари барпо қилган “оқ олтин” хирмони 319 минг тоннадан ошмаган бўлса, жорий йилги мавсумда бу кўрсаткич деярли 25 минг тоннага кўпроқ.   

     Бухоро вилоятининг “оқ олтин” хирмонида пахта парваришининг маъмурий ҳудудий жиҳатдан секторларга бўлингани ҳолда қатъий назоратга олингани ўз самарасини берди. Аниқроқ айтганда, ғўза парвариш қилинган ялпи майдонга 28 минг 587 тонна азот, 6 минг 644 тонна фосфор, 3 минг тоннадан ортиқ калий минерал ўғити киритилиб, босқичма-босқич суспензия ишлови берилди. “Техника - деҳқон қаноти” деб бежиз айтилмаган. Экиш мавсумида “Case”, “Magnum”, “MX” каби 210 та юқори унумли техника воситаси кучидан самарали фойдаланилган бўлса, культивация ва бошқа агротехник тадбирларда 3 мингдан ортиқ “ТТЗ-80”, “МТЗ-80”, “Беларус” каби трактор воситаси ишлатилди. Ерни экишга тайёрлаш ва чуқур шудгорлаш агротехник тадбирларига эътибор кучайтирилди.

 

 

    Куз фаслининг илк кунларидан уюшқоқлик билан бошланган йиғим-терим мавсумида жами 2 минг 100 дан ошиқ терим отряди 213 мингдан ортиқ теримчини ўзида бирлаштирди. Улар учун далада иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароит ҳозирлангани, териб топширилган ҳар килограм пахта учун биринчи теримда 1200 сўм, иккинчи теримда эса 1500 сўмдан пахта пули берилгани кўзланган хирмонни ёғин-сочинли кунга қолдирмасдан, сифатли йиғиб олиш имконини берди ва бу жараёнда фермер хўжаликларига яқиндан кўмаклашган кўнгилли теримчилар моддий манфаатдорлиги оширилди.

     Пахтачилик мавсумида юқори натижага эришиб, бошқаларга ибрат бўлган субъектларга келсак, Қоракўл туманида “Қаҳрамон Акбар пахтакор”, “Ниҳол–М”, “Яхшимурод пахтакор”, “Қоракўл фидокор замини”, “Оводон момо”, Вобкент туманида “Шўрча кўли”, “Жамолов Баҳриддин”, “Занги ота зийнати”, “Бозор Охун олтин даласи”, Пешкў туманида “Зафаробод”, “Муродилло бобо–701”, “Меҳриддин Йўлдош бобо”, “Ахтам Негбой–2018”, Ромитан туманида “Файз-2000”, “Шуҳрат Улуғ”, “Азим Зиё”, “Яраш Расул”, Когон туманида “Чуқуркўл сити”, “Рауфбобо-98”, “Нур Ислом”, “Ризқ-рўз-97”, Шофиркон туманидаги “Барно биби Беҳзод даласи”, “Улуғбек–Гулчирой боғи”, “Музаффар Суннат”, “Шохруҳ Азизбек келажаги” каби ўнлаб фермер хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлди ва илғор фермер хўжаликларида гектарлар ҳосилдорлиги 38 центнерни ташкил этди. Бундан кўринадики, хўжаликларнинг қўлга киритаётган иқтисодий фойдаси ҳам қилинган меҳнатларига яраша бўлади, албатта.

     Бугун пахтачиликда зўр муваффақият қозонилган биргина Олот туманида 250 та фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 192 таси пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган ва улар ҳиссаси билан туманнинг “оқ олтин” хирмони 27 минг 185 тоннага етди. Жорий йил баҳорида туман пахтакорлари 7 минг 915 гектар ерга барака уруғи қадашган эди. Унинг 960 гектари масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Olot cotton cluster” агрокластери ихтиёрида. Фаолиятини кенгайтириб, қўшимча тармоқлар йўлга қўйилаётган агрокластерда бу йил ялпи ҳосил хирмонини 3 минг 168 тоннага етказиш режа қилинган.

 

    

     –Ихтиёримиздаги ернинг 100 гектарида чигитни плёнка остига экиб парваришлаганмиз. Плёнка остига чигит экиш, ҳосилни эрта етиштириш, сифатли ҳосил олишда ўзига хос илғор анъаналаримиз ва тажрибамиз бор, –дейди кластер иш юритувчиси Итолмас Хўжаев. –Плёнка остига экилган майдондан 65 центнердан кам бўлмаган ҳосил олишга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари ихтиёридаги ерлар билан қўшиб ҳисоблаганда, қарийб 2 минг гектардан ошиқроқ майдонда ғўзани томчилатиб суғориш асосида “оби ҳаёт”га қондирдик ва кўзланган ҳосилни олдик. 

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сув манбаларидан оқилона фойдаланиш, суғоришда янги тежамкор технологияларни қўллашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга кўра, бу йил вилоятда 15 минг гектар пахта майдони, 1 минг 100 гектар боғ ва 539 гектар токзор, 800 гектар бошқа экинлар етиштириладиган далаларда томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилаётгани ўз самарасини бермоқда. Томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатлари кўп, масалан, бунда экин майдони эмас, балки экиннинг ўзи “оби ҳаёт”га қондирилади.

     Сув тўғридан-тўғри ғўза томирига боргани сабабли 50 фоиз азотли ўғит кам ишлатилади. Иқтисодий самарадорлиги эса томчилатиб суғориладиган майдонлар культивация қилинмайди. Бу тадбирларга кетадиган маблағ ҳам тежаб қолинади. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, вилоятимизда қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга сарфланадиган сувнинг харажати йилига ўртача 1 триллион сўмдан кам эмас. Таъбир жоиз бўлса, томчилатиб суғориш усули бежиз “дунёни очликдан қутқарадиган технология” сифатида баҳоланмайди. Бошқача айтганда, дунё мамлакатларида ҳар томчиси тиллога тенг “оби ҳаёт”ни тежаб сарфлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда бизда ҳамон экин майдонларини суғоришда сувни ҳисоб-китобсиз сарфлаш ва катта миқдорда йўқотишлар кузатиб келингани ташвишланарли бўлиб, томчилатиб суғориш усулига ўтишни тақозо этди.

     Аниқ маълумотлар асосида баъзи рақамларни келтирсак, шу йилги деҳқончилик мавсумида вилоят миқёсида 25 минг 540 гектар ғўза парваришланган ерда томчилатиб суғориш тизимига ўтилди. Бу жараёнда махсус технология–насос, фильтр, қувурлар ва бошқа таъминот сарф-харажатига 587 миллиард 425 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Сув танқис бўлган ҳудудлар мисолида олсак, нафақат вилоят, балки республикада энг кўп хом ашё етиштириладиган ҳудудлардан бири Жондор туманида 3059, Ромитанда 2859, Шофирконда 2626, Ғиждувон туманида 2462, Қоракўлда 2121, Вобкент туманида 2597 гектар экин ери томчилатиб суғориш тизимига ўтказилгани ўз самарасини бермоқда.   

 

     Умуман, вилоятимизнинг йил якуни билан биргина пахтачиликдан олаётган даромадини чамаласак, мутасаддилар ҳисоб-китобича, бу кўрсаткич 1 триллион 600 миллион сўмдан ошади. Қўлга киритилаёттган соф фойда салмоғи ҳам шунга яраша, албатта. Эришилаётган бу каби муваффақиятларимиз эса халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга сарфланади.

 

     Машаққатли меҳнатингиз маҳсули – кўпминг тонналик “оқ олтин” хирмонингиз муборак бўлсин, азиз пахтакорлар!

 

 

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари