Мустаҳкам озуқа базаси яратилмоқда

 

     "Бухоро Агрокластер чорва" чорвачилик мажмуасида чорвачилик маҳсулотлари ҳажмининг ошишини таъминлаш, парваришлашни яхшилаш ва қорамоллар сонини кўпайтиришга эришиш учун мустаҳкам озуқа базасини яратиш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда мажмуада 2500 бош қорамол, шу жумладан, 517 бош Голштейн зотли сигирлари, шунингдек, бўрдоқиликка 1500 бош қорамол парваришланмоқда.  Ҳозиргача 100 бош насл олинди ва йил охиригача яна 400 та бузоқ олиниши режалаштирилган.

     Ҳар бир сигирдан кунлик сут соғиб олиш бугунги кунда 28-30 литрни ташкил этмоқда. Ҳозиргача 84 тонна сут қайта ишлаш учун етказиб берилди ва йил охиригача яна 336 тонна маҳсулот юборилади. Бўрдоқичиликдан 25 тонна гўшт етказиб берилди ва бу маҳсулотнинг яна 75 тоннаси йил охиригача етказиб берилади.

     Мажмуада юқори навли гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлаш ва чорва моллари сонини кўпайтириш мақсадида чорва учун мустаҳкам озуқа базасини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Қоравулбозор туманида ажратилган 400 гектар ерларда силос учун маккажўхори, беда ва буғдой етиштирилмоқда.

 

 

     Ем-хашакни йиғиб-териб олиш ва қайта ишлаш учун махсус техникалар сотиб олиб келинди.

 

 

     Ҳозирги кунда мажмуанинг омборлари ва силос ўраларида 15 минг тонна сифатли силос, 3 минг тонна сенаж, 1500 тонна сомон, 1200 тонна маккажўхори дони, 1950 тонна омихта ем учун буғдой, 700 тонна турли шелуха ва бошқа озуқалар ғамлаб олинган. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, йил охирига қадар яна 1000 тонна маккажўхори силоси, 500 тонна пичан ва сомон, 300 тонна маккажўхори дони, 550 тонна буғдой, 300 тонна шелуха ғамланади. Бундай мустаҳкам ем-хашак базасининг яратилиши чорва молларини сақлаш шароитларини яхшилаш, чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш ва чорва молларининг муваффақиятли қишловини ўтказиш имконини беради.

 

 

     Мажмуада чорва молларини боқишга мўлжалланган махсус қўшимчалар билан "озуқа нони" пишириш учун комбинациялашган озуқа ишлаб чиқариш цехи ишлаб турибди.

 

 

     "Бухоро Агрокластер" МЧЖ чорвадорлари чорвачилик мажмуасини ҳамда унинг озуқа базасини янада ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишларни амалга ошира бориб, чорва моллари сонини кўпайтириш, чорвачилик маҳсулдорлигини янада юқорилатиш ниятидалар.

                                                                                                                                                                                                                                                                         Матбуот хизмати.

Янгиликлар

ЎзА янгиликлари